[:ru]135-Конвенция[:]

[:ru]


Корхонада меҳнаткашлар вакилларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
ва уларга бериладиган имкониятлар тўғрисидаги
1971 йилги Конвенция
(Қисқача мазмуни)

   Конвенция қоидаларига мувофиқ «меҳнаткашлар вакиллари» атамаси миллий қонун ҳужжатларига ёки амалиётга мувофиқ бундай деб эътироф этилган шахсларни, хусусан, касаба уюшмаларининг вакиллари ёки сайлаб қўйилган вакилларни англатади.
Конвенция меҳнаткашларнинг вакилларини уларга зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан, шу жумладан ишдан бўшатишдан самарали ҳимоя қилишга қаратилгандир. Меҳнаткашларнинг вакилларига корхонада ўз вазифаларини тез ва самарали бажариш учун имкониятлар берилади.
Миллий қонун ҳужжатлари ёки қоидалари, жамоа шартномалари, суд ёки ҳакамлик суди қарорлари ушбу Конвенцияда назарда тутилган ҳимоя қилиш ва имкониятлар ҳуқуқи тан олинадиган меҳнаткашлар вакилларининг тоифасини ёки тоифаларини белгилаши мумкин.
Конвенцияни амалга ошириш миллий қонун ҳужжатлари ёки қоидалари, жамоа шартномалари ёки миллий амалиётга мос бўлган бошқа ҳар қандай йўл билан таъминланиши мумкин.

   Шарҳ.

   Ушбу Конвенция Ўзбекистон Республикаси томонидан 1997 йил 30 августда ратификация қилинган.
Конвенция қоидалари «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқукдари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунда (18-20-моддалари), Меҳнат кодексида, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунда (9-модда), жамоа келишувлари ва жамоа шартномаларида мустаҳкамлаб қўйилган.
Жумладан, Меҳнат кодексининг 6-моддасига биноан барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадир. Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмайди ва булар камситиш деб ҳисобланади.
Меҳнат кодексининг 25-моддаси ходимларнинг вакиллик органлари аъзоларига ўзларининг вакиллик фаолиятларини амалга оширишлари муносабати билан иш берувчи томонидан бирон-бир шаклдаги таъқиб қилинишдан ҳимоя этишни кафолатлайди.
Вакиллик органлари таркибита сайланган ва ишлаб чиқаришдаш ишидан озод этилмаган ходимларга интизомий жазо беришга, улар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга, шунингдек вакиллик органлари таркибига сайланган ходимлар билан меҳнатга оид муносабатларни уларнинг сайлаб қўйиладиган лавозимдаги ваколати тугаганидан кейин икки йил давомида иш берувчининг ташаббуси билан маҳаллий меҳнат органининг олдиндан розилигини олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмайди.
Вакиллик органларидаги сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайлангани муносабати билан ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилган ходимларга уларнинг сайлаб қўйиладиган лавозимдаги ваколати тугаганидан кейин аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаса, – аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.
Вакиллик органлари таркибига сайланган ходимларга тегишли иш (лавозим) бериш имконияти бўлмаган тақдирда улар қонунларда ёки жамоа шартномалари, келишувларида назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланадилар.
Корхоналарда меҳнаткашлар вакиллари ҳуқуқларини таъминлаш масаласи касаба уюшмаларининг бош вазифаларидан бири ҳисобланади ҳамда қонун ҳужжатлари ва жамоа шартномалари билан тартибга солинади. Ҳуқуқ ва мажбуриятларни қўллаш борасида низолар юзага келган тақдирда судлар томонидан касаба уюшмаларининг асосланган даъволари қондирилмоқда.
«Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасига биноан касаба уюшмалари сайлаб қўйиладиган идораларининг ишлаб чиқаришда ўзининг асосий ишидан озод қилинмаган аъзоларига жамоа шартномаси, келишувида белгилаб қўйиладиган шартларга мувофиқ, жамоа манфаатлари йўлида жамоатчилик вазифаларини бажаришлари учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан бўш вақт берилади, шунингдек қисқа муддатли касаба уюшмаси ўқувига қатнаган вақтларида уларнинг ўртача иш ҳақи сақлаб қолинади. Касаба уюшмаларининг сайлаб қўйиладиган идоралари аъзолари делегат сифатида касаба уюшмалари томонидан чақириладиган қурултойларда, конференцияларда, шунингдек, касаба уюшмаларининг пленумлари ва раёсатлари ишида қатнашган вақтлари учун касаба уюшмалари маблағи ҳисобидан ўртача иш ҳақи миқдорида ҳақ тўланиб, ишлаб чиқаришдаги ишларидан озод қилинадилар.
Ўзбекистон Республикасида тузиладиган деярли барча жамоа шартномалари ва келишувларига, мазкур конвенцияда назарда тутилганидек, касаба уюшмалари фаолияти учун шарт-шароит яратиб бериш мажбуриятлари киритилган.
Бу мажбуриятлар шунингдек касаба уюшмасига сайланиб асосий ишидан озод қилинмаган ходимларга бериладиган кафолатларни, шу жумладан уларга ўз вазифаларини бажариш учун ҳақ тўланадиган маълум вақт бериш масалаларини ҳам ўз ичига олган.
Маълумки, касаба уюшма органларига сайланиб ишлаб чиқариш фаолиятидан озод этилган шахсларга уларнинг ваколат муддатлари тугаганидан сўнг аввалги ёки тенг иш берилиши керак. Мазкур кафолатни амалга оширишнинг самарали механизмини яратиш мақсадида жамоа шартномалари ва келишувларига касаба уюшмасига сайланган ходимларнинг бўшаб қолган иш ўрнига янги ходимларни фақатгина муддатли меҳнат шартномасига биноан ишга қабул қилиш талаби киритилмоқда.
Қатор жамоа шартномалари ва келишувларида корхона меҳнаткашлари томонидан эркин сайланган ва касаба уюшмаларининг вакили деб ҳисобланмайдиган вакштлар ҳам меҳнаткашлар вакиллари деб эътироф этилган. Аксарият ҳолларда бундай вакиллар деб меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар ҳамда меҳнат низолари комиссияларининг аъзолари эътироф этиладилар. Жамоа шартномаси ёки келишувида тегишли меъёр мавжуд бўлса ушбу вакиллар ҳам мазкур конвенция ҳимояси остига олинадилар.
Бир корхонанинг ўзида ҳам касаба уюшмалари вакиллари, ҳам сайланган вакиллар мавжуд бўлган ҳолларда, зарурат туғилганда, сайланган вакилларнинг мавжудлигидан тегишли касаба уюшмаларининг ёки улар вакилларининг мавқеига салбий таъсир кўрсатиш учун фойдаланилмаслигини таъминлаш мақсадида ҳамда сайланган вакиллар билан тегишли касаба уюшмалари ва улар вакиллари ўртасида барча муҳим масалалар бўйича ҳамкорликни рағбатлантириш мақсадида керакли чоралар қабул қилинади.
Чунончи, Меҳнат кодексининг 31-моддасига биноан агар ходимлар томонидан бир вақтнинг ўзида ходимларнинг бир нечта вакиллик органи қатнашаётган бўлса, улар музокаралар олиб бориш, жамоа шартномаси ёки келишувининг ягона лойиҳасини ишлаб чиқиш ва бундай шартнома ёки келишувни тузиш учун бирлашган вакиллик органи ташкил этадилар.


Конвенцияни кўчириб олиш[:]

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Print Friendly, PDF & Email