КАСАБА УЮШМАЛАРИ БОҒИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 17 октябрдаги касаба уюшмалари фаоллари билан учрашувдаги топшириғи асосида Хоразм вилояти Урганч тумани ҳудудида замонавий “Касаба уюшма боғи” барпо этилди.
Шу йил 21 декабрда Хоразм вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Федерациянинг Хоразм вилоят Кенгаши ходимлари, шаҳар-туман ҳокимлари, сенатор ва депутатлар, тегишли бошқармалар бошлиқлари, йирик иш берувчилар, ижодкорлар, нуронийлар, фаоллар, касаба аъзолари, кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирокида боғнинг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Очилиш маросимида Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси ўринбосари Бахтиёр Махмадалиев сўзга чиқиб, мамлакатимизда инсон қадри учун амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳамияти, Хоразм вилоятида ташкил қилинган Касаба уюшмалари боғи меҳнат аҳлига бўлган ҳурмат ва эҳтиром рамзи эканлигини эътироф қилдилар.
Боғнинг умумий майдони 20 гектарни ташкил этиб, уни барпо этиш учун 30 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
Шунингдек, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан боғ ҳудудида меҳнатни улуғловчи рамзий мажмуа–касаба уюшма, иш берувчи ва давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ифодаловчи трипартизм рамзи бўлган стелла ўрнатилди.
Лойиҳа доирасида ҳудудни кўкаламзорлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Жами 35 минг тупдан зиёд15 хил манзарали дарахтлар, жумладан, арча, сосна, терак, гужум ва бошқа турдаги кўчатлар экилди. Шунингдек, боғ ҳудудига 3 минг донадан ортиқ атиргуллар ўтқазилди.
Фуқаролар учун қулай шароит яратиш мақсадида боғда 6 километр узунликда юриш ва югуриш йўлакчалари барпо этилди, 60 та замонавий ўриндиқ ўрнатилди ҳамда дам олиш учун 3 та айвон қурилди.
Шу билан бирга, боғ ҳудудида 1,5 километр узунликда бетонлаштирилган ариқ қазилиб, боғни парвариш қилиш ва суғориш тизими барпо этилди.
Бундан ташқари, болалар ва спорт майдончалари, автотураргоҳ барпо этилди.
Янги ташкил этилган Касаба уюшма боғи аҳоли мириқиб дам оладиган, турли маданий-маърифий тадбирлар, байрамлар, оммавий учрашувлар ўтказиладиган сўлим масканга айланади, қолаверса, Хоразм вилоятининг ободончилиги ва экологик барқарорлигига муносиб ҳисса қўшади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Print Friendly, PDF & Email