Фидокор шифокор ва касаба фахрийсига эҳтиром Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хоразм вилояти Кенгаши томонидан касаба уюшмалари фахрийси, тиббиёт фанлари номзоди Бектурди Маткаримовнинг қутлуғ 80 йиллик юбилейи юксак руҳда ва кенг тантана билан нишонланди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши раиси Гулсара Қурбонбоева, тиббиёт фанлари номзоди Исмоил Жумашев, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши масъул ходими Эргаш Юсупов, таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Муяссар Раҳимова ва бошқалар Бектурди Маткаримовнинг ибратли ҳаёт йўли, фидокорона меҳнати ҳақида илиқ фикрлар билдирдилар.
Бектурди Маткаримов 1971 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини муваффақиятли тамомлаб, ўз меҳнат фаолиятини тиббиёт илми ва амалиётига бағишлади. У Кардиология илмий-тадқиқот институтида кичик илмий ходим, шунингдек, Тошкент давлат тиббиёт институтида ассистент сифатида самарали фаолият юритиб, тиббиёт фанининг ривожига муносиб ҳисса қўшди. Хива тиббиёт билим юртида устозлик қилиб, юзлаб малакали ўрта тиббий ходимларни тарбиялаб, уларни ҳаётга йўллади. Урганч шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими ҳамда Янгиариқ туман марказий шифохонасига раҳбарлик қилиб, соҳа тараққиёти йўлида самарали ишлар олиб борди.
1999–2010 йилларда у Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилояти ташкилотига раҳбарлик қилиб, соғлиқни сақлаш ходимларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда катта ташаббускорлик кўрсатди.
Тадбирда Бектурди Маткаримовнинг фидокорона меҳнатлари муносиб эътироф қилинди. У Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши, Ўзбекистон врачлар ассоциацияси Хоразм вилояти бўлими ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хоразм вилояти кенгаши томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ушбу тадбир фидокор шифокор ва жамоат арбобининг кўп йиллик самарали меҳнатига юксак ҳурмат ва эътироф ифодаси бўлди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Print Friendly, PDF & Email