ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ КУНИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Урганч туманидаги Касаба уюшмалари боғида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши томонидан Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда касаба уюшмаси ходимлари ва фаоллари, шунингдек Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий-академик лицей ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирок этдилар.
Кенгаш раиси Гулсара Қурбонбоева барча иштирокчиларни Ватан ҳимоячилари куни билан табриклаб, ушбу улуғ сана Ватанга садоқат, жасорат ва фидойилик тимсоли бўлган ҳарбий хизматчилар, юрт тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаб келаётган мард ва жасур инсонлар байрами эканини таъкидлади.
— Сиз буюк саркарда, ватанпарварлик ва жасорат рамзи бўлган Жалолиддин Мангуберди номи билан аталган ҳарбий-академик лицей ўқувчиларини биз юртимиз келажагининг ишончли посбонлари деб биламиз. Жалолиддин Мангуберди номи ёшлар зиммасига катта масъулият юклайди. Чунки у ўз ҳаётини Ватан озодлигига бағишлаган, душман олдида бош эгмаган, ҳақиқий қаҳрамон сифатида тарихда ўчмас из қолдирган, — деди Гулсара Аҳмедовна.
Қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама етук, жисмонан бақувват ва маънан баркамол этиб тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айниқса, Қуролли Кучларимизни замонавий талаблар асосида ривожлантириш, ҳарбий хизмат нуфузини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотлар армиямиз салоҳиятини мустаҳкамлаш билан бирга, ёшларда ҳарбий касбга қизиқишни ошириш ва Ватан тақдири учун масъулият ҳиссини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Шу ўринда касаба уюшмаларининг ватанпарвар ёшларни тарбиялашдаги ўрни ҳам алоҳида таъкидланди. Касаба уюшмалари томонидан ёшлар ўртасида ватанпарварлик руҳидаги тадбирлар, маънавий-маърифий учрашувлар, спорт мусобақалари ва ижтимоий лойиҳалар ташкил этилиб, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, бурч ва садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келинмоқда.
Тадбир давомида Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий-академик лицей билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий хизматга ҳурмат ва садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш, меҳнаткашлар ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий-ҳуқуқий манфаатларини қўллаб-қувватлаш, жамоатчилик ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган.
Ҳарбий-академик лицей ўқувчиларининг кўргазмали чиқишлари, ижро қилган куй-қўшиқлар тадбирга байрамона шукуҳ бағишлади.
Касаба уюшмалари томонидан ўқувчиларга ватанпарварлик ғояларини тарғиб этувчи, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотлар моҳияти ҳамда Жалолиддин Мангуберди ҳаёти ва фаолиятига бағишланган китоблар совға қилинди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Print Friendly, PDF & Email