“Китобсеварлар байрами” — маънавият, билим ва касаба уюшмалари ташаббуслари уйғунлиги

Хоразм вилоятида маънавий ҳаёт яна бир мазмунли ва эсда қоларли тадбир билан бойиди. Вилоят маънавият ва маърифат марказида “ Китобсеварлар байрами ” лойиҳаси доирасида ташкил этилган кенг қамровли маънавий-маърифий тадбир жамоатчилик, ижод аҳли ва китобхонларни бир майдонга жамлади.
14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилган мазкур тадбир Хоразм вилояти ҳокимлиги, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда воҳа адиблари, журналистлар ва олимлар билан очиқ мулоқотлар, китоблар ярмаркаси ва савдоси, нашриётлар кўргазмаси, шунингдек, ёш ижодкорларнинг чиқишлари бўлиб ўтди.
Мазкур маънавий байрамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши фаол иштироки билан жамоатчилик эътирофига сазовор бўлди. Вилоят кенгаши раиси Гулсара Қурбонбоева ўз сўзида китоб мутолаасининг инсон тафаккури, маънавий камолоти ва жамият тараққиётида тутган ўрни ҳақида тўхталиб, касаба уюшмалари тизимида ҳам китобхонлик маданиятини ривожлантириш устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади.
Тадбир давомида касаба уюшмалари томонидан амалий қадамлар ҳам ташланди. Жумладан, вилоят кенгаши ташаббуси билан китоб дўконлари ва нашриётлар билан кенгаш кутубхонаси учун янги китоблар харид қилиш бўйича шартномалар имзоланди. Бу эса касаба уюшмалари ходимлар ва аъзоларнинг маънавий-маърифий эҳтиёжларини қондириш йўлида ҳам изчил иш олиб бораётганини кўрсатади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Print Friendly, PDF & Email