Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят кенгаши томонидан Урганч шаҳридаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ёшлар билан очиқ мулоқот ва учрашув ташкил этилди. Мазкур тадбирнинг асосий мақсади ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни жисмоний ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек касаба уюшмалари тизимида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништиришдан иборат бўлди.
Учрашувда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят кенгаши раиси маслаҳатчиси, ёшлар масалалари бўйича масъул Бахтиёр Исмаилов, Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилоят бирлашган қўмитаси раиси Алишер Салаев, вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Нодира Жуманиёзова иштирок этди.
Тадбир давомида сўзга чиққан Бахтиёр Исмаилов мамлакатимизда ёшларга яратилаётган имкониятлар, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. У ўз нутқида спорт билан мунтазам шуғулланиш нафақат соғлом турмуш тарзини шакллантириш, балки ёшларни иродали, мақсадга интилувчан ва ватанпарвар инсонлар қилиб тарбиялашда муҳим омил эканини таъкидлади.
Шунингдек, Алишер Салаев ҳам сўзга чиқиб, спорт соҳасида фаолият юритаётган ёшларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий кафолатларини мустаҳкамлаш ҳамда турли маданий-маърифий тадбирлар орқали ёшларни қўллаб-қувватлаш касаба уюшмаларининг устувор вазифаларидан бири эканини қайд этди.
Учрашув давомида спорт марказида таҳсил олаётган ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олдилар. Шу билан бирга, ёшларнинг таклиф ва фикр-мулоҳазалари тингланиб, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббуслар муҳокама қилинди.

Spelling error report
The following text will be sent to our editors: