Бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши ташаббуси билан Урганч давлат университети стадионида 7 апрель — Бутунжаҳон саломатлик куни муносабати билан “Саломатлик сари” шиори остида юриш марафони ўтказилди.
Тадбирда кенгаш ходимлари, тармоқ касаба уюшмалари вакиллари, бошланғич ташкилотлар етакчилари, университет профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба ёшлар фаол иштирок этдилар. Марафонни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши раиси ўринбосари Камолжон Бекжонов очиб бериб, юртимизда инсон саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини алоҳида таъкидлади.
Касаба уюшмалари тизими ҳам мазкур жараёнда фаол иштирок этиб, меҳнаткашлар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Бугунги кунда турли спорт мусобақалари, марафонлар, спартакиадалар ҳамда соғломлаштириш тадбирлари мунтазам ташкил этилиб, корхона ва ташкилотларда ходимлар гимнастикаси йўлга қўйилган. Натижада 400 мингдан зиёд касаба уюшмаси аъзолари жисмоний фаолликка жалб этилган. Маълумки, 1948 йил 7 апрель куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига асос солинган бўлиб, ушбу сана ҳар йили Бутунжаҳон саломатлик куни сифатида кенг нишонланади. Ўзбекистон 1992 йилдан бу ташкилотга аъзо бўлиб, 1993 йилдан буён унинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси фаолият юритиб келмоқда. Ушбу сана аҳоли ўртасида саломатликнинг беқиёс қадрият эканини тарғиб қилишга хизмат қилади. Тадбирда асосий эътибор ёшларга қаратилгани бежиз эмас. Зеро, бугунги кунда ахборот технологиялари жадал ривожланиб бораётган шароитда кўплаб ёшлар ҳаракатсиз ҳаёт тарзига мойил бўлиб қолмоқда. Бу эса ортиқча вазн, юрак-қон томир касалликлари, стресс каби муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шу боис ёшларни спортга жалб қилиш, уларда жисмоний фаолликка бўлган қизиқишни ошириш жамият келажаги учун ниҳоятда муҳимдир. Урганч давлат университети каби йирик илм масканида таҳсил олаётган ёшлар ва фаолият юритаётган профессор-ўқитувчиларнинг ҳар томонлама соғлом бўлиши айниқса муҳим. Чунки айнан шу даргоҳда вилоят келажагини белгилайдиган билимли ва баркамол кадрлар камол топмоқда. Шунинг учун ҳам ҳар бир талаба ва устоздан фаоллик, соғлом турмуш тарзига амал қилиш талаб этилади.
Тадбир давомида иштирокчилар жисмоний машқлар бажариб, ҳамжиҳатликда “Саломатлик сари” 5000 қадам ташладилар.

Spelling error report
The following text will be sent to our editors: