Энди Хоразмда ҳам касаба уюшмаси боғи бор

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши томонидан Урганч туманидаги “Урганч” оромгоҳи ҳудудида 2500 метр квадрат майдонда “Касаба уюшма боғи” барпо қилинди.

Вилоят кенгаши ва тармоқ касаба уюшмаларининг 70 дан зиёд ходими эрта тонгдан “Урганч” оромгоҳи томон шошилдилар. Эзгу ишга бош қўшиш истаги барчани фаолликка ундади.

Вилоят кенгаши раиси Гулсара Қурбонбоева, вилоят касаба уюшма ташкилотининг собиқ раиси, Хоразм вилояти Архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи Раҳимберган Матрасулов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими бошлиғи Маткарим Жуманиёзов “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг аҳамияти, дунёдаги ва оролбўйидаги экологик вазият, чўллашиш ва шўрлашиш муаммоси ҳақида тўхталиб, дарахт экиш халқимизнинг миллий қадрияти эканлигини таъкидлашди.

– Зулфияхоним айтганидек, “Бу боғлар бир боғлар бўлади ҳали”. Биз экадиган ниҳоллар юртимиз ободлигига хизмат қилади деган ниятдамиз, – дейди Гулсара Қурбонбоева.

Нуронийлар дуоси билан бошланган тадбир хуш кайфиятда давом этди. Касаба ходимлари тўрт гуруҳга бўлиниб, ишга киришдилар. Боққа асосан олма, беҳи, ўрик каби мевали дарахтлар экилди. Насиб этса, бир неча йилдан сўнг дарахтлар ҳосилга киради.

Дарвоқе, мутахассислар фикрига кўра, битта дарахт бир йилда 120 килограмм кислород ишлаб чиқаради. Касаба ходимлари яратган боғ ҳам ҳудудни кислород билан бойитишга, ҳам болаларни хавфсиз озиқ-овқат билан таъминлашга хизмат қилади.

Боққа бошловчи йўлакларга “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонун моддалари акс этган паннолар илинди. Бундан кўзланган мақсад – оромгоҳда дам олувчи болалар ва бошқаларнинг касаба уюшмалари тўғрисидаги билимларини янада мустаҳкамлашдир.

“Яшил макон” лойиҳасидаги тадбирлар бу билан тугамади.

 

 Урганчдаги касаба уюшмалари уйи олдига 300 тупга яқин атиргул кўчати экилди.  Тармоқ касаба уюшмалари шаҳар-туман кенгашлари жойлашган бинолар атрофларига мевали ва манзарали дарахт ниҳоллари қадалди.  Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари аъзолари ҳам лойиҳада фаол иштирок этмоқда.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Print Friendly, PDF & Email