Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошидаги Ёшлар кенгаши ҳақида

 Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ёшлар кенгаши:
  • ёшларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш;
  • маънавий дунёқарашини ўстириш;
  • уларни касаба уюшмалари фаолиятига жалб этиш;
  • барча поғонадаги касаба уюшма тизимида ёшлар билан ишлаш тузилмаларини ташкил этиш ва улар ишини такомиллаштириш учун тегишли тавсияларни тайёрлаш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш борасида Федерация ҳамда унинг аъзо ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш учун ташкил этилади.
    Ёшлар кенгашининг бош мақсади – ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, маънавий дунёқарашини ўстириш, касаба уюшмалари фаолиятида фаол иштирокини таъминлаш, касаба уюшмалари тизимига ёш кадрларни тайёрлашга кўмаклашишдир.

   Ёшлар кенгаши қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
  • ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳамда меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, маънавий дунёқарашини ўстириш борасида аъзо ташкилотлар, барча поғоналардаги ёшлар билан ишлаш тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;
  • ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилишида фаол иштирок этиш, касаба уюшмалари Федерациясининг ёшлар сиёсатини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, унга аъзо ташкилотларнинг сайлаб қўйиладиган органларида ёшлар вакиллигини таъминлашга кўмаклашиш;
  • ёшларнинг ўқиш, меҳнат қилиш, муносиб иш ҳақи олиш, уй-жой билан таъминланиш, дам олиш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш борасидаги қонуний ҳуқуқларини кенгайтириш ишларида иштирок этиш;
  • ёшлар ўртасида касаба уюшма аъзолигига ундовчи омилларни кучайтириш, уларни касаба уюшмалари сафига жалб қилиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб бориш;
  • ёшларни ватанпарварлик ва миллий ғоя руҳида тарбиялашга, ёшлар орасида маънавий-маърифий ва маданий-спорт ишларини ўтказишга кўмаклашиш;
  • ёшлар салоҳияти рўйёбга чиқишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш, уларни ўзаро бирлашишига ёрдам бериш;
  • барча поғонадаги касаба уюшма ташкилотлари қошида ёшлар билан ишлаш тузилмаларини ташкил этиш, улар ишига замонавий таълим ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга кўмаклашиш;
  • ёшлар сафидан касаба уюшма кадрлари заҳирасини тайёрлаш, улар малакасини оширишга кўмаклашиш;
  • болалар соғломлаштириш оромгоҳларида маданий-маърифий ва спорт тадбирларини, миллий ўйинларни ташкил этиш ҳамда уларни юқори савияда ўтказишда касаба уюшмалари аъзо ташкилотларига кўмаклашиш;
  • Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аъзо ташкилотларининг ёшлар билан иш олиб боришдаги тажрибасини, ёшлар кенгашлари иши амалиётини ўрганиш, умумлаштириш ва кенг ёйиш, мазкур йўналишдаги ишнинг шакл ва услубларини такомиллаштириш.
   Ёшлар билан ишлаш тузилмалари фаолиятини тизимли йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, ҳудудий ва тармоқ касаба уюшмалари ташкилотларида Ёшлар кенгашлари, туман (шаҳар) кенгашлари, бирлашган ва бошланғич касаба уюшмаси қўмиталарида ёшлар билан ишлаш комиссиялари ташкил этилади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Print Friendly, PDF & Email