Ахборот-коммуникация технологиялари янада ривожлантирилади

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашида тизимда ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган семинар машғулоти бўлиб ўтди. Унда тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, Тошкент шаҳар ва вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши мутахассислари иштирок этдилар.

Маълумки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, тўлиқ электрон ҳужжат алмашиш тизимига ўтиш ишлари билан бирга вазирлик ва ташкилотлар билан ўзаро электрон ҳужжат юритиш, ички ҳужжат айланишини автоматлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Шу мақсадда «Касаба уюшма ташкилотлари» ахборот тизимининг электрон ҳужжат айланиш модуллари ишлаб чиқилиб, Федерация Кенгаши аппаратида тўлиқ жорий этилди ҳамда аъзо ташкилотларда босқичма-босқич татбиқ этилмоқда.

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришнинг 2014-2020 йилларга мўлжалланган Стратегик дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Касаба уюшмалари Федерациясининг комплекс интеграллашган ахборот тизими бўлмиш  KasabaKIATнинг ахборот ресурсларини шакллантириш дастурий таъминоти яратилди. Бундан кўзланган асосий мақсад тизим фаолияти билан боғлиқ барча жараёнларни автоматлаштириш, ходимларни ишончли маълумотлар билан тезкор таъминлашдир.

Комплекс интеграллашган ахборот тизими замонавий дастурий-техник воситалар мажмуи бўлиб, Федерация миқёсида унга аъзо ташкилотлар ҳамда ходимларни ягона ахборот майдонига бирлаштиради.

Тизим марказлашган маълумотлар базасига 147 мингдан зиёд юридик шахс, 14 мингдан зиёд бошланғич касаба уюшма ташкилоти, 1400 га яқин касаба уюшма ташкилотлари, 500 га яқин норматив ҳужжатлар, 19 та сиҳатгохлар, 212 та болалар оромгоҳи, 60 га яқин асосий воситалар, турли маълумотномалар ва таснифлагичлар бўйича 7000 дан зиёд қаторлар юкланди.

Ҳозирда Ўбекистон касаба уюшмалари Федерацияси комплекс интеграллашган ахборот тизимининг ахборот ресурсларини шакллантириш дастурий таъминоти Федерация серверига ўрнатилиб, тажриба-синов тариқасида ишга туширилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида ўтказилган семинар машғулотида дастур билан ишлашни тўғри ташкиллаштириш, KasabaKIATни янада мукаммаллаштириб, тўлиқ ишга тушириш борасида атрофлича сўз борди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Манба: Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши матбуот хизмати

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Print Friendly, PDF & Email

56 thoughts on “Ахборот-коммуникация технологиялари янада ривожлантирилади

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.