Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг ватандошларимизга Мурожаати ҳар бир инсонни мушоҳадага чорлайди.. Мурожаатда айтилганидек, короновирус инфекцияси дунё узра тахликали бир шарпа каби кезиб юрибди, у нафақат инсонлар ҳаётига, балки жаҳон иқтисодиётини ҳам таназзулга солишга ҳамла қилмоқда. Мана шундай вазиятда Ўзбекистон ҳалқини ушбу офатдан қутқариш, иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш йўлида қилинаётган сай- ҳаракатлар қалбларга ёруғлик олиб киради. Федерация кенгаши ўзининг 5 миллионлик армиясидан ҳар бир инсон учун карантин нима учун зарур эканлигини тарғиб қилишда, ушбу офатнинг занжир мисоли тарқаб кетишининг олдини олишда ёрдам кўрсатишни сўрамоқда. Албатта, биз бунга лаббай деб жавоб берамиз. Ушбу мурожаатдан келиб чиқиб ҳар бир касаба уюшма аъзоси қўшниси, қариндоши, опа синглиси, ака-укаси, ота-онасига бу вирусни енгишнинг ягона йўли уйда қолиш эканлигини тушунтириши бурч ва мажбурият деб биламиз.
Мамакатимиз раҳбари томонидан танти ҳалқимиз учун кўплаб амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Ҳурматли Президентимизнинг коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши белгилаган чора-тадбирлари асосида туну кун иш олиб борилмоқда. Маҳаллаларда, кўп қаватли уйлар атрофларида кўчма бозорлар ташкил этилмоқда. Ойлик маоши, меҳнат таътил пуллари ўз вақтида берилиши назорат этилмоқда. Кредити борларга тўлашни орқага суриш учун кўпгина имтиёзлар, кичик бизнес вакиллари ва тадбиркорларга солиқ таътиллари берилмоқда.
Буларнинг барчаси сизу бизни, келажагимизни ўйлаб амалга оширилаётган тадбирлардир. Мен илтимос қилардимки, суткада 24 соатлаб ишлаётган тиббиёт ва ички ишлар ходимлари ишини янада кўпайтирмайлик, уларнинг ишига иш қўшмайлик. Уйда ўтирайлик, коронавирус инфекциясига чалинган беморлар сафини кўпайтирмайлик.
Биз жуда меҳнаткаш ҳалқмиз. Уйда ўтириб ҳам кўп ишлар қилиш мумкин. Хонадонимиз тозалигига эътибор қаратайлик. Ота-боболаримизни ёдга олиб, улар ҳақида билганларимизни болаларимизга сўзлаб берайлик. Фарзандларимизнинг онлайн ўқишларини назорат қилиб борайлик, уй шароитида спорт билан шуғулланайлик, ўз боғимизда ишлайлик, сабзавот ва полиз экинларини экайлик, озиқ- овқат танқислигининг олдини олишга ўз ҳиссамизни қўшайлик.
Биз бу офатни албатта енгамиз. Уйда қолсак, соғлом бўлсак, ҳар биримиз ушбу ғалабага ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Гулхоним АМИНОВА,
Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш ташкилотлари бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: