САХОВАТ ВА КЎМАК: ПАНДЕМИЯНИ БИРГАЛИКДА ЕНГАМИЗ

Бугунги синовли кунларда барча юртдошларимиз, тадбиркорлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда аҳолининг муҳтож қатламини қўллаб-қувватламоқда, ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмаяпти.

Меҳнаткашлар манфаатларини ифодалаб келаётган, мамлакатимиздаги энг катта жамоат ташкилоти ҳисобланувчи касаба уюшмалари синовли кунларда нафақат касаба аъзоларига, балки кўплаб юртдошларимизга ёрдам қўлини чўзмоқда. “Саховат ва кўмак” акцияси доирасида олиб борилаётган қатор хайрия тадбирлари кўплаб элдошларимизнинг қийин вазиятда чорасиз қолмасликларини таъминламоқда.

Асосий эътибор аҳолининг кам таъминланган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилмоқда. Куни кеча, касаба уюшмаларининг хайрия эҳсонларини қабул қилиб олган хивалик 40 дан зиёд эҳтиёжманд оила вакиллари мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарварлик сиёсати, синовли кунларда ўзларини ёлғиз ҳис қилмаётганликларини эътироф қилдилар.

-Муҳтарам Президентимизга минг раҳмат,-дейди олтмиш олти яшар Султонпошша Каримова – Ўз вақтида кўрилган тезкор чоралар туфайли пандемия мамлакатимизда авж олишининг олди олинди. Биз каби пенсионерлар ёлғиз ташлаб қўйилмади. Тез-тез хабаримизни олиб туришибди. Олийҳиммат инсонлар, жамоалар кўплигидан хурсандмиз.

Йигирма икки йилдан буён беш фарзандини ёлғиз парваришлаб келаётган Зулфия Матчонова маҳалла-кўй, олийҳиммат инсонлар ҳар доим хабарини олиб турганини, элнинг кўмаги билан фарзандларини вояга етказганини айтиб, саховатпеша инсонлардан миннатдорлигини билдирди.

Ҳа, бу ҳаёт синов майдони. Кимгадир мол-давлат, кимгадир фақирлик, кимгадир хасталик бериб синовга олинади. Ҳар бир инсон бу синовларни матонат билан, ҳалоллик, эътиқод ва меҳнат билан енгади. Хивалик Марямжон Тўраевага Аллоҳ саккиз фарзанд ато қилди. Етти қиз ва бир ўғил. Қизларининг уч нафари биринчи гуруҳ ногирони. Бу Марямжон опани бироз толиқтириб қўйди. Оила ночор аҳволга тушиб қолди. Бу қийинчиликларга дош беролмаган ота фарзандларини ташлаб кетишни маъқул топди. Мана, неча йилдирки, Марямжон Тўраева оиланинг зил-замбил юкини ёлғиз кўтариб келади. Аммо, у тушкунликка тушмади. Машаққатлардан чўчимади. Фарзандларини ҳам меҳнатсевар,  матонатли, келажакка умид билан қаровчи инсонлар қилиб тарбиялади.

Касаба уюшма вакиллари Марямжон опанинг ҳам ҳолидан хабар олишга чоғланди. Оила бекаси зарур юмушлар билан кўчага чиққан экан. Маярмжон опанинг иккинчи қизи, биринчи гуруҳ ногирони Назокат Худо   йберганова сингилларига бош бўлиб ўтирганига гувоҳ бўлдик. Оиланинг биринчи гуруҳ ногирони бўлган яна бир аъзоси Шаҳло Худойберганова дарсларини тайёрлаётган эди.  Касаба уюшмалари вакиллари қизларнинг  ҳаёт тарзи, қувонч ва ташвишлари билан қизиқдилар.

Ҳаёт синовларини чидам ва бардош билан енгиб келаётган бу қизларнинг матонатига, жасоратига тан бермасликнинг иложи йўқ. Касаба уюшма вакиллари ушбу хонадонга яна ташриф буришга ваъда бердилар.

Шу куни озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиб олган 40 та оила вакилларин  яхши инсонларни дуо қилдилар.  Албатта, юрдошларимиз таъкидлаганларидек яқин кунлар ичида бу дард юртимизни тарк этади. Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ деган нақл бор. Зеро, ҳар бир қийинчилик ғалабани, дард шифони, машаққат роҳатни, ёмонлик яхшиликни етаклаб келиши шубҳасиз. Касаба уюшмалари эса элдошларимизни қўллаб-қувватлашда давом этади.

Маълумот ўрнида: Вилоят касаба уюшма ташкилотлари томонидан карантин даврида 411 та эҳтиёжманд оилага 80 миллион сўмга яқин моддий ёрдам пули ажартилди, 237 та оилага  40 миллион  сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 4 та оилага 723 минг сўмлик дори-дармон етказиб берилди. Шунингдек, касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан пандемия билан курашаётган тиббиёт ходимларига 80 миллион сўмлик сўмлик комбинзонлар маскалар, қўлқоплар, дезинфекция ва антисептик воситалар олиб берилди. Бу каби хайрия тадбирлари давом этмоқда.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Print Friendly, PDF & Email