Болаларнинг ўқишдан ташқари вақтини сермазмун ўтказиш, уларнинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан ҳордиқ чиқаришларини таъминлашда оромгоҳларнинг ўрни катта. Шу боис, ҳозирги карантин шаротида ҳам улар фаолияти йўлга қўйилганлиги ота-оналар ва болажоналар учун айни муддао бўлди. Қарийиб уч ой давомида уйдан чиқмай, тенгқурлари билан ўйнамай зериккан болалар энди жазирама ёзни сўлим гўшаларда хуш кайфиятда ўтказишлари мумкин.
Карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда, Хоразм вилоятида оромгоҳлар фаолиятига алоҳида тайёргарлик кўрилди. Ҳудудда 18 та оромгоҳда 6010 нафар болалар дам олдирилиши режалаширилди.
Барча оромгоҳларда дезинфекция, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Карантин даврида фаолиятни ташкил қилиш бўйича плакатлар етказилди. Оромгоҳларга жалб қилинадиган 300 нафарга яқин педагог, 50 нафардан ортиқ тиббиёт, 40 нафарга яқин ички ишлар идоралари ходимлари учун болаларга таълим-тарбия бериш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, хавфсизлигини таъминлаш ишларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Ходимларнинг барчаси вилоят санитария-эпидемиология осойишталик маркази томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят санитария эпидемиология маркази томонидан оромгоҳлар учун 12 кунлик “намунавий таомнома” ишлаб чиқилди ва барча оромгоҳларга етказилди. Таомларнинг витаминларга бой, иммунитетни мустаҳкамловчи, болаларнинг соғлом ўсишига хизмат қилувчи маҳсулотлардан тайёрланишига алоҳида эътибор қаратилди.
Мавсум давомида олиб борилаётган ишларни назорат қилиб бориш, муаммолар юзага келганда уларни зудлик билан бартараф этиш чора-тадбирлари амалга оширилишини ташкил этиш мақсадида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида тезкор штаб ташкил этилди. Шунингдек, “Болалар ёзги оромгоҳларининг карантин даврида фаолиятини ташкил этиш бўйича талаблар”га қаттиқ риоя қилинишини назорат қилиб бориш мақсадида ҳар бир оромгоҳга касаба уюшмалари ташкилотларининг масъул ходимлари бириктирилди.
Ҳар бир мавсум учун маданий-маърифий, спорт тадбирлари режалаштирилди. Тўгаракларда олиб бориладиган машғулотлар белгиланди.
Бугунги кунда “Дўстлик”, “Истиқлол”, “Нилуфар”, “Оби-ҳаёт”, “Тонг”, “Хумо”, “Шунқор”, Гурлан туманидаги “Шодлик”, “Хива гулшани”, “Учқун”, “Ҳазорасп ниҳоли”, Урганч туманидаги “Шодлик” оромгоҳларида биринчи навбатда жами 923 нафар бола дам олдирилмоқда.
“Беш ташаббус – беш имкон” шиори остида болажонлар ўртасида ташкил қилинаётган тўгарак машғулотлари, спорт мусобақалари, санъатнинг барча йўналишлари бўйича танловлар, китобхонлик баҳслари ҳар бир кунга янгича мазмун бағишламоқда.
Алишер САЛАЕВ,
Хоразм вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: