ЁШЛАР МАНФААТЛАРИ- КАСАБА УЮШМАЛАРИ ДИҚҚАТ-МАРКАЗИДА

Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан ишловчи ёшларнинг иш ва турмуш шароитларини яхшилашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Зеро, мамлакатимиз дунёнинг ривожланган давлатлари қаторидан жой олишга интилаётган бир даврда, олдга қўйган вазифаларнинг амалга ошиши, мақсадга эришишимиз шубҳасиз замонамиз ёшларининг билим ва салоҳиятига боғлиқдир.
Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ёшлар алоҳида қўллаб-қувватланмоқда. Ушбу ҳужжатларга мувофиқ, йилнинг ўтган даврида 141 нафар икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатилди. 280 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилди. 895 нафар кам таъминланган ёш оилалар вакилларига корхоналар ҳисобидан 94454,6 миллион сўм, касаба уюшмасидан 91854,4 миллион сўм моддий ёрдам берилди. Биринчи чорак мобайнида 1693 нафар меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари учун саёҳатлар уюштирилиб, уларда 300 га яқин ёшлар иштирок этдилар.
Шунингдек, биринчи чоракда 255 та меҳнат жамоаларида “Тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик – бебаҳо неъмат” мавзусида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, уларда 10 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этди. “Беш ташаббус – беш имконият” лойиҳаси доирасида 100 дан ортиқ ёшларнинг театр ва музейларга ташрифи ташкил этилди.
Касаба уюшмалари стипендиясига муносиб деб топилган Тошкент Ахборот Технологиялари Университети Урганч филиали Дастурий инжиниринг факультети талабаси Шаҳноза Қаландаровга энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдорида касаба уюшмаси стипендияси берилмоқда.Урганч давлат университети талабаси Нодирабегим Душамовага санаторийда даволаниш учун бепул йўлланма ажратилди.
Меҳнат жамоасида ёш мутахассисларнинг меҳнат жараёнига кўникиб кетишлари учун “Устоз – шогирд” анъанасини тизимли йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада жамоа шартномалари ва келишувларига киритилган ёшларга оид бандларнинг тўлиқ бажарилишини мониторинг қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Улғайиб келаётган авлодга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратиляпти.
Март ойида вилоят касаба уюшмаси томонидан “Аёллар ва ёшлар меҳнат муҳофазаси эътибор марказида” амалий мулоқот тадбири бўлиб ўтди. Мулоқот давомида корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ногиронлар, аёллар ва ёшлар меҳнатида “Тенг ҳуқуқлар – тенг имкониятлар” тўғрисида аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Касаба уюшмалари томонидан ёшларни иш билан таъминлаш борасида ҳам ишлар олиб бормоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан аҳолини камбағалликдан чиқаришга кўмаклашиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар доирасида кўплаб ёш қизларимизнинг бандлиги таъминланмоқда. Шунингдек, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ходимлари касаба уюшмаси туман ва шаҳар кенгашлари томонидан 16 нафар ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашилди.
Яқинда бешта муҳим ташаббуснинг 3-йўналиши доирасида Хива шаҳар “Лолазор” маҳалласида яшовчи Шоира Маҳмудова ва Шовот тумани “Оқ олтин” маҳалласида истиқомат қилувчи Раъно Насруллаевага ахборот технологиялари бўйича интеллектуал салоҳиятларини оширишлари учун вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан ноутбук ва планшет совға қилинди.
Ёшларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш орқали ўз иқтидор ва истеъдодларини кенг намоён этишлари учун имкониятлар яратиб бериш ҳам устувор вазифаларимиздан биридир.
Ёшларнинг, айниқса, таълим муассасалари битирувчиларининг ишга жойлашиши ва иш жойларида қўним топиши юзасидан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда. Касаба уюшмалари ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар, айниқса, чекка туманлардаги ёшлар учун республиканинг тарихий шаҳарлари ва диққатга сазовор жойларига саёҳатларни ташкил этиш, касаба уюшмалари сафини фаол ёшлар билан тўлдириш юзасидан ҳам режаларимиз бор. Бу борада турли бўғинларда кўнгиллилар (волонтёрлар) гуруҳларини ташкил этишнинг ўрни беқиёс.
Ёшлар ўртасида турли маданий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар, фестиваллар, спорт мусобақалари ўтказиш ва уларни рағбатлантириш, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ишларида ҳам касаба уюшмалари ҳамиша фаолликка интилади.
Биламизки, бугунги ёшлар эртаги фаровон келажагимизнинг бунёдкорларидир. Улардаги ғайрат, шижоат, билим ва маҳоратини уйғунлаштириш йўлидаги эзгу ҳаракатлардан касаба уюшмалари ташкилотлари асло четда турмайди.

Бахтиёр ИСМОИЛОВ,
Хоразм вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Print Friendly, PDF & Email