УЛКАН ДАВР УЧУН ЗАЛВОРЛИ НАТИЖАЛАР ХОС

Хоразм вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг VIII Конференцияси карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда онлайн тарзда ўтказилди.

Бирлашма раиси  ўринбосари Камолжон Бекжонов сўнгги беш йиллик фаолият юзасидан ҳисобот берар экан, ушбу давр мамлакатимиз ҳаётида туб бурилишлар юз бераётган, беқиёс ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилаётган, тарихан улкан бир паллага тўғри келишини таъкидлаб ўтди.

Хусусан, вилоят касаба уюшмалари томонидан ўтган йиллар мобайнида ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни амалиётга татбиқ этиш ва такомиллаштириш борасида изчил чоралар кўрилди.

Бугунги кунда вилоятда 1 та минтақавий келишув, 36 та тармоқ келишуви, 6486 та жамоа шартномалари амал қилмоқда. Ҳисобот даврида жамоа шартномалари мазмунан бойитилди. Жамоа шартномавий муносабатлар механизмининг такомиллаштирилиши, жойларда жамоа шартномасини тузган юридик шахслар улуши ошишига олиб келди. 2019 йилда жами юридик шахслардан жамоа шартномасини тузганлар улуши 2014 йилдаги 94,5 фоиздан 99,6 фоизга кўпайди.

2015-2019 йиллар мобайнида давлат дастурлари доирасида жамоа келишувлари ва шартномалари орқали жами 29073 нафар фуқароларга 8725,0 миллион сўмлик ижтимоий кўмак берилди. Жамоа шартномалари тадбирларини бажариш учун вилоят бўйича ўрта ҳисобда бир ходимга сарфланган маблағ миқдори 2015 йилда 783 минг сўмдан тўғри келган бўлса, 2019 йилда 2 миллион 226 минг 300 сўмни ташкил этди.

Вилоят бўйича жамоа шартномалари орқали меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларига беш йил давомида 33,6 миллиард сўм ёки ҳар бир ишловчига ўрта ҳисобда 114034 сўм маблағ сарфланди.

Касаба уюшмалари томонидан ҳисобот даврида 279 та корхона, ташкилот ва муассасаларда 3880 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди ва уларни бартараф қилиш юзасидан тегишли тавсия ва таклифлар берилди. Касаба уюшмаларининг аралашуви ва амалий ёрдами билан 3624 та камчиликлар бартараф қилинди.

Маълумки, амалдаги қонун талабларига кўра ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса оқибатида жароҳатланган, касб касаллигига чалинган ходимларга ва бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот қилган ходимнинг оиласига боқувчисининг вафоти туфайли етказилган зарарни иш берувчилар томонидан қопланиши кўзда тутилган. Бироқ, айрим иш берувчилар томонидан зарар пулларини тўламаслик ҳолатлари ҳам кўплаб учрамоқда. Шу сабабли касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан зарарни мажбурий ундириш мақсадида 2015-2019 йилларда 13 та даъво аризалари билан фуқаролик судларига мурожаат қилинди ва иш берувчилардан жабрланувчилар фойдасига 179,1 миллион сўм миқдорида зарар пулларини мажбурий ундирилишига эришилди.

Ҳисобот даврида жисмоний ва юридик шахслардан жами 1450 та мурожаатлар бўлиб, шундан 1146 таси ёки 79 фоизи тўлиқ қаноатлантирилди.

Касаба уюшмаларининг аралашуви билан ҳал бўлмаган меҳнат низолари юзасидан фуқаролик судларига даъво аризалари киритилди. Натижада 270 га яқин касаба уюшмаси аъзолари ишга тикланди, 300 дан зиёд ходимларнинг қонуний ҳуқуқларини судларда ҳимоя қилинишига эришилди.

Қаердаки, маънавият ва маърифат устувор бўлса, шу жойда юксалиш ва ривожланиш бўлади. Касаба уюшмалари ҳам ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг маънавий дунёқарашини бойитириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш, спорт-соғломлаштириш тадбирларига кенг жалб қилиш, тарихий шаҳарларга саёҳатлар уюштириш ва бошқа тадбирларни амалга ошириш орқали жамоаларда, шу орқали оилада ва жамиятда маънавият устуворлигига муносиб улуш қўшиб келмоқда.

Анъанавий равишда ўтказиб келинаётган маънавият соатларида 1 миллион нафардан зиёд ходимлар иштироки таъминланди.

Ходимларнинг соғлом турмуш тарзи асосида меҳнат фаолиятини олиб боришни таъминлаш мақсадада  ходимлар гимнастикаси йўлга қўйилиб, 780 мингдан зиёд касаба аъзолари гимнастика билан шуғулланмоқда.

“Касаба-Тур” веломарофони, югуриш марофони, “Спорт саломатлик гарови” спартакиадаси, “Соғлом оила” оилавий спорт мусобақаларида қарийб 100 мингга яқин касаба уюшма аъзоларининг иштироки таъминланди.

Касаба уюшмалари ташаббуси билан вилоятдаги диққатга сазовор қадамжоларга ҳамда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарларга 80 мингга яқин аъзоларнинг саёҳатлари уюштирилди. Шунингдек, 17677 нафар ишчи ходимларининг музей ва кўргазмаларга, 9654 нафар ходимларнинг театр ва концертларга ташрифи уюштирилди.

Инсон соғлом бўлса, ишида унум, қалбида қувонч бўлади. Шу боис ҳам касаба уюшмалари томонидан меҳнаткашлар ҳамда уларнинг фарзандларини соғломлаштириш ва дам олдириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинади.

Хабарингиз бор, кейинги йилларда касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини санаторийларда дам олдириш амалиёти шаклланди. Ҳисобот даврида ходимларнинг 3215 нафар оила аъзолари ушбу имкониятдан фойдаланди. Шунингдек, ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан 4862 нафар ходим касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга йўлланмалар билан таъминланди, шундан, 4417 дона йўлланма имтиёзли, 445 йўлланма бепул  ажратилди.

Ходимларнинг фарзандларини соғломлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан кўрсатилган беғараз ёрдам эвазига 2017 йилда  200 ўринга мўлжалланган “Жайҳун қуёши” болалар оромгоҳи замонавий дизайн асосида бунёд этилгани Оролбўйи болалари учун ҳақиқий туҳфа бўлди. Шунингдек, ҳисобот даврида 61195 нафар ўқувчи ёшлар вилоят ҳудудидаги оромгоҳларда, 2000 дан ортиғи вилоятдан ташқаридаги оромгоҳларда соғломлаштирилди.

Ташкилий жиҳатдан мустаҳкам ташкилотгина жамиятда нуфузга эга бўлади, аъзолар ишончини оқлайди, ўз зиммасидаги вазифаларни талаб даражасида амалга оширишга қодир бўлади. Шу боис ҳам, бирлашма кенгаши бошланғич ташкилотларни ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлаш, мавқеини ошириш, моддий техника базасини кучайтириш, кадрлар билан ишлаш тизимини яхшилаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Шу мақсадда бирлашма масъул ходимлари томонидан ҳар йили 350 дан зиёд ташкилотларга устав талаблари асосида фаолиятни йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатилди. . Ҳисобот даври мобайнида 540 нафар бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари ўз билим ва малакаларини оширдилар. Шунингдек 30 дан ўқув-семинарлар ўтказилиб, уларда 2300 ортиқ касаба уюшма фаоллари иштирок этди.

Ўтган давр мобайнида нодавлат сектори тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда касаба уюшмаларининг янги ташкилотларини тузиш, ходимларни касаба уюшмасига жалб қилиш бўйича ҳам тегишли ишлар олиб борилди. Амалга оширилган ишлар натижасида 2015-2019 йиллар мобайнида 4956 та корхона ва ташкилот касаба уюшмалари хизматига олинди, 30043 нафар ходим касаба уюшмасига жалб қилинди. 2020 йил январь ҳолатига бошланғич ташкилотлар сони 1964 та, касаба уюшма аъзоларининг сони 262113 нафарни ташкил қилди.

Бирлашма раиси ўринбосари ўз ҳисоботида ёшлар масалалари, хотин-қизларни қўллаб қувватлаш борасида олиб борилган ишларга ҳам кенг тўхталди.

Шундан сўнг тафтиш комиссияси ҳисоботи тингланди.

Музокарада сўзга чиққан делегатлар, ҳисобот даврида касаба уюшмалари томонидан аъзолар манфаатларини кўзлаган ҳолда фаолиятнинг барча йўналишларида кенг қармовли ишлар олиб борилганини эътироф қилдилар. Фаолият қониқарли деб топилди.

Конференция кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, Хоразм вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси лавозимига Эргаш Юсупов номзоди тавсия қилинди. Конференция делегатлари номзодни қўллаб-қувватладилар. Камолжон Бекжонов бирлашма раиси ўринбосари қилиб сайланди. Конференцияда шунингдек, бирлашма кенгашининг янги таркиби, тафтиш комиссияси таркиби, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII қурултойига делегатлар, Федерация кенгаши аъзолари таркибига вакиллар сайланди.

Конференцияда Хоразм вилоят ҳокими Фарҳод Эрмонов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси ўринбосари Шавкат Жавлонов иштирок этди.

  

Хоразм вилояти касаба уюшмалари

ташкилотлари бирлашмаси раисининг

ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси                      Б.Исмаилов

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Print Friendly, PDF & Email