КУН ҚАҲРАМОНЛАРИ УЧУН САЁҲАТ

Хоразм вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида пандемия шароитида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ тиббиёт ходимларининг жорий йилнинг 11-13 сентябрь кунлари Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига саёҳати ташкил қилинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига қарашли “Нодир Самарқанд” меҳмонхонаси жамоаси хоразмлик меҳмонларни иззат-ҳурмат ила кутиб олдилар. Меҳмонлар Имом Бухорий ҳазратлари мақбараси, ҳазрати Дониёр мажмуаси, Гўри Амир мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Шоҳизинда, Ҳазрати Ҳизр мажмуалари, Регистон майдони ва Самарқанднинг бошқа диққатга сазовор жойлари билан танишдилар. Саёҳатнинг учинчи кунида тиббиёт ходимлари Баҳовуддин Нақшбанд зиёратгоҳида бўлдилар. Йўл-йўлакай сафар таассуротларини ўртоқлашар эканлар, юртимизнинг ҳар гўшасида диққатга сазовор жойлар кўплигини, ҳар гиёҳи кўзга суртгулик эканлигини, саёҳатларнинг инсон саломатлигини мустаҳкамлашда, узоқ умр кўришда аҳамияти катталигини эътироф қилдилар.

– Биз тиббиёт ходимларининг меҳнати давлатимиз томонидан юқори баҳоланаётгани, халқимиз яхши тилаклари билан қўллаб-қувватланаётгани вазифамизни виждонан адо қилишга ундамоқда , – дейди Янгибозор туман санитария-эпидепиология осойишталик маркази врач-эпидемиологи Файзулла Раҳимбоев. – Касаба уюшмалари ҳар доим меҳнатимиз муносиб баҳо олишига, юқори шароитларда ишлашимизга эътибор қаратиб келаётгани натижасида халқимизга сифатли тиббий-санитария хизмати кўрсатяпмиз. Бугунги саёҳат кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшди. Биз бу куч-ғайратимизни пандемияни бартараф қилишга сарфлаймиз.

– Биз илгари ҳам саёҳатларда бўлганмиз. Лекин бу галги сафаримиз ҳар доимгидан-да бошқача кечди. Аввало вақт тўғри тақсимланган, ҳам руҳий, ҳам маънавий озуқа олишимиз учун барча шароитлар яратилган. Сафар давомида тўғри овқатланишимизга ҳам эътибор қаратишди. Буҳоро ва Самарқанднинг ўзига хос таомларидан баҳраманд бўлдик , – дейди Боғот туман тиббиёт бирлашмаси лаборатория бўлими мудири Дилором Тожиева.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Хоразм вилоят касаба уюшма ташкилотлари карантин қоидалари юмшатилганини инобатга олган ҳолда касаба аъзоларини мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойлари билан янада кенгроқ таништиришга қарор қилди. Шу мақсадда бирлашма қошида “Касаба саёҳат Хива” МЧЖ фаолияти йўлга қўйилди. Демак, хоразмлик касаба аъзоларини олдинда Ўзбекистон бўйлаб гўзал ва бетакрор саёҳатлар кутмоқда.

 

Хоразм вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Print Friendly, PDF & Email