ҚУРУЛТОЙДА БЕЛГИЛАНГАН ВАЗИФАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Хоразм вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг саккизинчи Қурултойининг мазмун-моҳиятига бағишланган тадбир ўтказилди. Унда бирлашма мутасадди ходимлари, тармоқ касаба уюшмалари вакиллари, фаоллар иштирок этдилар. Тадбирни вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари Камолжон Бекжонов олиб борди. Тадбир иштирокчилари Президентимиз томонидан 11 ноябрь санаси касаба уюшмалари куни деб эълон қилииш таклиф қилинганидан ниҳоятда мамнун эканликларини билдирдилар. Шунингдек,  Президентимизнинг ўз таъбирлари билан айтганда, “Касаба уюшмалари соҳаси учун ижтимоий муносабатлар назарияси ва амалиётини, бу борадаги халқаро тажрибани пухта биладиган етук кадрлар” тайёрлайдиган Касаба уюшмалари академиясининг очилиши бу соҳани янада ривожлантириш мақсадида узоқни кўзлаб қўйилган қадам деб баҳоладилар.

Қурултойда Ўзбекистон Республикаси Президенти табрик йўллагани биз учун улкан тарихий воқеа бўлди,-деди Хоразм вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари Камолжон БЕКЧАНОВ.- Биз бу эътиборни узоқ йиллар кутдик. Президент табригида билдирилган ҳар бир фикр биз учун қимматлидир. “Дунёдаги ҳар бир давлатнинг миллий тараққиётида аввало инсон меҳнати ва салоҳияти беқиёс аҳамият касб этади” дея таъкидлади давлатимиз раҳбари. Дарҳақиқат, инсон меҳнати ва салоҳиятисиз бирон бир мамлакат ўз мақсадига эриша олмайди. Шу каби, ҳар қандай корхона ва ташкилот ҳам ходимлар меҳнати ва салоҳияти эвазигагина фаолиятини ривожлантира олади.  Шундай экан, ҳар қандай меҳнат муносиб баҳосини олиши шарт. Касаба уюшмалари томонидан бу борада олиб борилаётган кенг қамровли фаолиятга Президентимизнинг юксак баҳо бериши зиммамиздаги масъулиятни янада оширади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, тизим ривожида сўнгги йилларда қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилингани, Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси ва бошқа халқаро тузилмалар билан яқин алоқаларни йўлга қўйганимиз, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси аҳолининг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимоясини таъминлашда Ҳукуматнинг тенг ҳуқуқли ҳамкорига айланаётгани муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Жумладан, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун бизнинг имкониятларимизни бир неча баробар оширди десам, муболаға бўлмайди. Бу қонун қарийиб 28 йил давомида амалда бўлган олдинги қонундан қатор янгиликлари, мукаммаллиги билан фарқланади. Янги қонун асосида касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган жамоатчилик назорати тадбирлари пандемия даврида ишловчилар учун муносиб шароитлар яратишда, аҳоли бандлигини таъминлашда, карантин қоидаларига риоя қилинишига эришишда, булар орқали эса меҳнат жамоаларида коронавирус пандемиясининг авж олиб кетишининг олдини олишда ҳамда ишловчиларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатланиб, ижтимоий-иқтисодий ҳимояси таъминланишида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Фикримни исботлаш учун айрим мисолларга мурожаат қилсам. Ўтган даврда Хоразм вилоятида 45 та жамоатчилик назорати тадбирлари амалга оширилиб, 31 та камчиликнинг ўз вақтида бартараф қилинишига эришилди.

Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ҳузуридаги меҳнат ҳуқуқ инпсекциясининг Хоразм вилоятидаги вакиллари томонидан 49 та корхона ва ташкилотда ўтказилган ўрганишлар, мониторинг тадбирлари натижасида 26 та қонунбузарликлар, 14 та камчиликлар аниқланиб, бартараф қилинди, 127 нафар ходимларга тўланиши керак бўлган 1.932.850.000 сўм иш ҳақлари ундириб берилди. Мана шу рақамларнинг ўзиёқ ушбу инспекцияларни ташкил қилиш нақадар долзарб аҳамият касб этганини англатади. Галдаги вазифа давлатимиз раҳбари табригида ва Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Қудратилла Рафиқов маърузасида олдимизда қўйилган вазифаларни бекаму кўст амалга ошириш орқали касаба уюшмаларининг жамиятдаги ва халқаро майдондаги нуфузи янада ошишига ҳисса қўшишдир.

– Давлатимиз раҳбари ҳар бир мурожаатларида, чиқишларида буюк аждодларимиздан иқтибослар келтириши,  улуғ инсонлар руҳини шод қилиб, бизга улуғ миллат вакили, буюк шахслар ворислари эканлигимизни эслатиб, улар йўлини давом қилдиришга ундаб туради,-деди қурултой делегати, давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Урганч шаҳар кенгаши раиси Фармон АЛЛАБЕРГАНОВ – Табрикда Президентимиз касаба уюшмаларини буюк Амир Темур бобомизнинг «Миллатнинг дардларига дармон бўлмоқ – вазифангиздир», деган даъватига амал қилиб келаётган ташкилот сифатида баҳолаши, қалбимизни чексиз ғурурга тўлдирди. Биз зиммамиздаги вазифаларни янада кенгроқ бажаришни фарз ва қарз деб биламиз. Давлатимиз раҳбари ушбу анжуман ўз сафларида миллионлаб одамларни бирлаштирган касаба уюшмалари тарихида янги даврни бошлаб беришини эътироф қилди. Дарҳақиқат, олдимизда улкан ва залфорли вазифалар турибди. Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациси кенгаши раиси Қудратилла Рафиқов ўз маърузасида ўтган даврда «ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН»НИНГ «ЯНГИ КАСАБА УЮШМАЛАРИ» шаклланганлигини таъкидлаб ўтди. Президентимиз томонидан таклиф этилган «Касаба уюшмалари Академияси»ни, яъни олий нодавлат таълим муассасаси қисқа муддатда ташкил этилишини айтди. Федерация раиси таъкидлаганидек,  ушбу муассаса – чет тилларини мукаммал биладиган, ҳам ҳуқуқшунос, ҳам иқтисодчи, ҳам молиячи ва меҳнат муҳофазаси мутахассиси бўла оладиган, янгича фикрлайдиган касаба уюшмаси кадрларини тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиши аниқ.

Хоразм вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси молия бўлими мудири, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси назорат-тафтиш комиссияси аъзоси Баҳром Собиров, тадбиркорлар ва хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари касаба уюшмаси Урганч шаҳар кенгаши раиси Темур Қаландаров ва бошқалар Президентимиз табригида билдирилган ҳар бир фикр аҳамиятга моликлиги эътироф қилдилар. Давлат раҳбарининг эътиборидан руҳланган ҳолда меҳнат аҳлини қўллаб-қувватлаш, касаба уюшмалари аъзолари сафини кенгайтириш, маҳаллий туризмни ривожлантириш ва бошқа йўналишлардаги фаолиятни янада жонлантиришга ваъда бердилар. «Мустақилликнинг ўттиз йиллигига – ўттизта янги иш ўрни»ни яратиш ташаббуси  қўллаб-қувватланди.

 

Маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими

13.11.2020 йил.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Print Friendly, PDF & Email