Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Хоразм вилоят кенгаши томонидан “Янги Ўзбекистон ёшлари! Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” шиори остида қатор тадбирлар ташкил қилинмоқда.
Бугун еттита тармоқ касаба уюшмалари тасарруфидаги корхона ва ташкилотларда фаолият кўрсатаётган, илғор, ташаббускор ёшлардан бир гуруҳининг Хива шаҳрига саёҳати уюштирилди.
Саёҳат давомида ёшлар Ичан қалъадаги музейлар, ноёб экспонатлар билан танишдилар. Жумладан, Муҳаммад Аминхон мадарасаси ҳақидаги ҳикоя кўпчиликни қизиқтирди.
Хива шаҳрида 64 та мадраса мавжуд бўлиб, шулар ичида энг йириги ва чиройлиси Хива хони Муҳаммад Аминхон томонидан қурилган мадраса ҳисобланади.Мадраса Ичан қалъанинг ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, шаҳарнинг бош дарвозаси Ота дарвозадан кириб келганда, ўнг томонда жойлашган.
Мадраса пишиқ ғиштдан қурилиб, унинг деворларининг қалинлиги 1,5 метрга етади. Мадраса 2 қаватли, 130 ҳужрадан иборат бўлиб, тарихий маълумотларга асосан унда бир вақтнинг ўзида 260 нафар талаба таҳсил олган.
-Гарчи бу ерга бир неча бор ташриф буюрган бўлсак-да, ҳар сафар янги таассуротларга эга бўламиз. Бу сафар ҳам Ичан қалъа ҳақида кўплаб янги маълумотларга эга бўлдим,-дейди Урганч шахар 11-сон мактаб, Ёшлар етакчиси Яқубова Дилфуза Отабоевна.
Саёҳатдан сўнг Хивадаги қадимий иморатлардан бири- Қибла тоза боғ мажмуасида бир пиёла чой атрофида самимий мулоқотлар давом этди. Ёшлар ўз таассуротларини ўртоқлашиш баробарида, кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларга яратилаётгани имкониятлардан мамнун эканликларини эътироф қилдилар.
Бахтиёр ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Хоразм вилоят кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: