МУНОСИБ ТАНТАНА ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят кенгаши ўз атрофида 300 мингга яқин аъзоларни бирлаштиради. 11 ноябрь – касаба уюшмалари куни муносабати билан ташкил қилинган тантанали тадбирда кенгаш раиси Эргаш Юсупов, Хоразм вилоят ҳокими ўринбосари Гулсара Қурбонбоева, Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари Баҳодир Султанов, Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машарипов ва бошқалар сўзга чиқиб, бугун жамиятимизда касаба уюшмаларининг тутган ўрни ҳақида тўхталдилар.
-Шифокорлар саломатлигимиз, ИИБ ходимлари тинчлигимиз посбонлари бўлса, касаба уюшмалари меҳнатларимиз ҳимоячиси,-дейди вилоят ҳокими ўринбосари Гулсара Қурбонбоева.- Ҳар бир аъзо манфаати кафолатланиши ишчи-хизматчиларнинг касаба уюшмаларига ишончини оширмоқда.
Дарҳақиқат, вилоятда касаба аъзолари манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида Хоразм вилоят ҳокимлиги, Хоразм вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамда Савдо-саноат палатаси Хоразм вилояти бошқармаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича
2020-2022 йиллар учун қабул қилинган Минтақавий келишуви асосида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ходимнинг эркин меҳнат қилиши учун қулай меҳнат шароитлари яратилмоқда. Махсус кийим-бош билан таъминланмоқда. Зарарли ва ноқулай шароитларда меҳнат қилаётганлиги инобатга олиниб озиқ-овқат маҳсулотлари, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланмоқда. Ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилинмоқда. Маънавий дунёқарашини ошириш мақсадида турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда.
Эътиборлиси, жамоа шартномалари мазмуни юртимизда кечаётган изчил ислоҳотлар, мамлакатни модернизация қилиш жараёнига мутаносиб равишда бойитиб борилаётир. Фахрийлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва кўп болали оналарга, 3 ёшгача фарзандлари бўлган оналарга моддий ёрдам кўрсатиш ва соғломлаштириш, болали аёлларнинг иш вақтини қисқартириш, кам таъминланган оилалар фарзандларига ўқув қуроллари харид қилиш, бахтсиз ҳодисалар билан боғлиқ бир марталик нафақалар миқдорини ошириш шулар жумласидандир.
Тадбир давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан эълон қилинган танловларнинг республика босқичида совриндор бўлган хоразмлик масъулларга тегишли мукофотлар тантанали равишда топширилди. Хусусан, Ҳазорасп туман ҳокими Ўктам Машарипов “Энг яхши сектор”, Урганчдаги “Маърифат” МФЙ раиси Аминбой Хажиев “Энг яхши маҳалла раиси” , Хива шаҳридан якка тадбиркор Дилноза Отажанова “Энг намунали иш берувчи аёл”, Урганч шаҳридаги “Жинговуз” МФЙ хотин-қизлар фаоли Нигора Қличева “Энг яхши хотин-қизлар фаоли”, Шовот тумани“Янги бурлоқ” маҳалла ҳоким ёрдамчиси Камолжон Бекжонов “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси” номинацияси бўйича республика босқичида совриндор бўлдилар.
Шунингдек, Урганч туман “Туркманлар” МФЙ ёшлар етакчиси Радхо Худойберганова “Энг яхши ёшлар етакчиси” номинацияси бўйича республикада биринчи ўринни эгаллаганлиги эътироф қилинди. Радхога “Ласетти” автомобили Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан топширилади.
Вилоятда касаба уюшмалари кунига бағишланган тантанали тадбирлар давом қилмоқда. Касаба уюшма ҳафталиги доирасида турли маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, давра суҳбатлари, саёҳатлар кўтаринки кайфиятда ўтказилмоқда. Урганчдаги “Гавҳар” ресторанида ташкил қилинган тадбирда бир гуруҳ касаба уюшмалари фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, муносиб рағбатлантирилди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Print Friendly, PDF & Email