ЁШЛАР ЭЪТИБОРДА

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хоразм вилояти кенгаши Ёшлар бирлашмаси томонидан касаба аъзоларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб тадбирлар уюштирилмоқда.
Жамоат ишларида ва ўқиш жараёнида фаол қатнашгани учун 2022 йилда Муҳаммад Аль-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиали телекоммуникация технологиялари факультети 2-босқич 932-20 гуруҳ талабаси Оллаберган Ибадуллаев Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги “Чинобод” санаторийсида соғлигини тиклаш учун бепул йўлланма билан тақдирланди. Тошкент Тиббиёт Академияси Урганч филиали Педиатрия факультети 5-босқич 521-А-гуруҳ талабаси Шаҳбоз Ихтиёров эса 6 ой давомида энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробари миқдоридаги стипендиясига муносиб кўрилган эди.
2023 йилда Урганч давлат университети техника факультети 2-босқич 211-гуруҳ талабаси Зумрад Юсупова касаба уюшмалари стипендиати бўлди. Бундан ташқари, таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Урганч туман бўлинмаси тизимидаги 9-сонли умумтаълим мактаби психологи Шоира Қаландарова Федерация тасарруфидаги “Оқтош” санаторисига бепул йўлланмага эга бўлди.
Хоразм ёшлари бу каби эътибордан мамнун. Анъанавий тарзда “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилиб келинмоқда. Унда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари талабалари ҳамда корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ёш ходимлар касаба уюшмалари тўғрисидаги тасаввурларини кенгайтириш имкониятига эга бўлмоқда. Бундан ташқари, вилоятдаги корхона ва ташкилотларнинг ёш ходимлари ҳамда олий таълим муасассаси талабалари ўртасида очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Ушбу мулоқотларда ёш касаба аъзоларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб қайтарилмоқда.
Бундан ташқари, ҳар йили ёш ходимлар спартакиадасини ўтказиш анъанага айланди. Умуман, касаба уюшмалари аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилмоқда. Шу мақсадда корхона ва ташкилотларда соғломлаштириш хоналари ташкил этилмоқда. Ишлаб чиқариш гимнастикалари йўлга қўйилган. Тез-тез спорт мусобақалари уюштириляпти.
Жамоа шартномалари орқали ёшларга берилаётган қўшимча имтиёз ва кафолатлари юзасидан мониторинг олиб борилмоқда. Мақсадимиз ёш ходимларнинг жамоада, жамиятда ўз ўрнини топишларига кўмаклашишдир.

Бахтиёр ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Print Friendly, PDF & Email