Тўққиз ойда 755 миллион сўмдан ортиқ моддий ва маънавий зарар ундириб берилди

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят кенгашига меҳнат ҳуқуқларига доир 200 га яқин мурожаатлар келиб тушган. Аксарият мурожаатлар иш берувчиларга тақдимномалар киритиш орқали ҳал қилинган бўлса, айрим масалаларда судга мурожаат қилишга тўғри келган.

Меҳнат инспекторлари қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этилиши юзасидан судларга  киритган  даъво аризалари туфайли 164  марта суд мажлисларида иштирок қилиб, 30 нафар ходимни ишга тиклашга муваффақ бўлдилар. Касаба аъзоларига етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш учун  суд ҳукмлари асосида 755 млн. сўмдан ортиқ пул маблағлари ундириб берилди.

 

Бу ҳақда 6 ноябрь куни бўлиб ўтган  “11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни: Янги Ўзбекистоннинг Янги касаба уюшмалари фаолиятига назар” мавзусидаги брифингда айтиб ўтилди. 

 

Кенгаш раиси Гулсара Қурбонбоева аъзолар манфаатларини ифодалаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил ахборот берди.

 

Таъкидланганидек, Хоразм вилоятида  2 мингдан зиёд бошланғич ташкилотга эга бўлган касаба уюшмалари  ўз сафига 320 мингдан зиёд аъзоларни бирлаштиради. Ушбу аъзолар манфаатларини қўллаб-қувватлашда Жамоа келишув ва шартномалари муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, 2022 йил якунларига кўра,  жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун бир ходимга йил давомида сарфланган маблағ 4 млн. 202 минг 400 сўмни ташкил этган. 

 

2023 йилнинг ўтган даврида  «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» дастури доирасида бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Пенсия ёшидаги шахсларни пенсияга чиқишидан олдин бир йўла моддий ёрдам берилиб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Юбилей саналари муносабати билан қимматбаҳо совғалар топширилди. Ишламайдиган пенсионерларга, ногиронлиги бўлган шахсларга, 2 ёшдан 3 ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган ёш оналарга  моддий ёрдамлар кўрсатилди.

 

Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар  харид қилиш ҳаражатларини қоплаш учун маблағ ажратилди. Кам таъминланган ёш оилалар вакиллари қўллаб-қувватланди. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабаларнинг контракт пулларини бир қисми  қоплаб берилди. Уй-жой қуриш ва мамлакатимизда  ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун  ёш оилаларга фоизсиз ссудалар берилди. Шу ва бошқа мақсадлар учун  Жамоа шартномалари асосида   ижтимоий шерикликда жами сарфланган маблағ  3 миллиард 100 миллион   сўмдан ортиқни ташкил қилди.

 

Касаба уюшмалари эътибор қаратаётган масалалардан бири бу меҳнат муҳофазасидир. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича битимлари асосида  2023 йилнинг 9 ойи давомида ушбу мақсад учун  10 млрд. 114 млн. 732 минг сўм маблағ сарфланди. 

 

Бундан ташқари, бошланғич касаба уюшма ташкилотларида меҳнат мухофазаси ишларини янада яхшилаш борасида ўтказилган ўрганишлар натижаларига кўра 30 та корхона, ташкилот ва муассасалар иш берувчиларига меҳнат муҳофазаси бўйича тақдимномалар киритилди,  200 та қонун, қоида ва меъёрлар бузилишлари аниқланиб,  жойида  бартараф қилинди. 

 

Касаба уюшмалари ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келади. Тўққиз ойда Федерация тасарруфидаги  санаторийларда 2673 нафар ишчи-хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига имтиёзли йўлланмалар ажратилди. Бундан ташқари, касаба уюшма бюджети маблағлари ҳисобидан 68 нафар таълим ходимлари, кам таъминланган ва кўп болали ҳамда олис ва чекка туманларда, мураккаб иқлим шароитида яшовчи аёлларидан 7 нафари, тиббиёт муассасалари ходимларидан 5 нафари, ишлаётган кексалардан 10 нафари, фарзанд кўрмаган оилаларнинг ишлайдиган аъзоларидан 8 нафари санаторийларда бепул соғломлаштирилди. 

 

Шунингдек, ёз мавсумида вилоятда 31 та оромгоҳлар фаолият юритиб, вилоят бўйича 11586 нафар 7-14 ёшгача бўлган болалар соғломлаштирилган.   

 

Касаба аъзолари саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида спорт тадбирлари ҳам мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Йилнинг ўтган даврида бошланғич ташкилотлар, тармоқ касаба уюшмалари шаҳар-туман кенгашлари томонидан 30000 дан зиёд спорт  тадбирлари ташкил қилингани ходимлар жисмоний фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Бундан ташқари, бошланғич ташкилотларда “Ходимлар гимнастикаси” йўлга қўйилган бўлиб, 154 мингдан ортиқ ходимлар соғломлаштириш машқлари билан шуғулланмоқда.

 

“Юрган дарё, ўтирган бўйра” дейди халқимиз. Касаба аъзоларини маънавий-руҳий қўллаб-қувватлаш мақсадида йилнинг ўтган даврида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида 18 минг нафардан ортиқ касаба  аъзоларининг тарихий шаҳарларга саёҳатлари уюштирилди. Саёҳат харажатлари ижтимоий шериклик асосида  касаба уюшмалари ва иш берувчи ҳисобидан қопланиб, ходимлар чиқимдор бўлмаяпти.  Шунингдек,1669 нафар ходим касаба уюшма маблағлари эвазига концерт дастурлари, 1409 нафари театр спектакллари томоша қилдилар, 4862 нафар ходим эса музей ва кўргазма залларида бўлишди.  Ҳисобот даврида 2188 та бошланғич ташкилотда “Маърифат соатлари” ўтказилиб, унда 193 мингдан ортиқ ишчи-ходимлар иштирок қилди.

 

Брифингда шунингдек, хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва самарали ҳал қилишда касаба уюшмаларининг  иштироки ҳақида ҳам ахборот берилди. 

 

ОАВ вакиллари ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Print Friendly, PDF & Email