“Соғлом танда – сифатли таълим”

Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида «Соғлом танда – сифатли таълим» шиори остида Касаба уюшмаси кубоги учун оммавий спорт мусобақаларининг Хоразм вилояти босқичи бўлиб ўтмоқда. Унда спартакиаданинг шаҳар-туман босқичларида ғолиб чиққан жамоалар фаол иштирок этмоқда.


🎤Мусобақаларнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Муяссар Раҳимова, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Зарипов ҳамда бошқа мутасаддилар мазкур тадбир тўрт йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётганини таъкидлаб, унинг таълим ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришдаги аҳамияти ҳақида фикр билдирдилар. Шунингдек, иштирокчиларга омад ва муваффақият тиладилар.
✏️Мазкур спорт байрами Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги ПФ-22-сонли Фармони билан эълон қилинган «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йили ҳамда «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастурининг 34-мақсадида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Хоразм вилояти кенгаши, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, Спорт бошқармаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармасининг қўшма қарори асосида ташкил этилди.
➡️Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — таълим муассасалари ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, спорт инфратузилмасини янада ривожлантириш, ўқитувчи ва мураббийларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда жамоалар ўртасида дўстона муҳитни мустаҳкамлашдан иборат.
▶️Футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат ва шашка спорт турлари бўйича беллашувлар қизғин давом этмоқда. Ғолиб жамоани касаба уюшмалари кубоги ва 30 миллион сўм пул мукофоти кутмоқда.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Print Friendly, PDF & Email